Самарқандда сўнгги 7 ойда 321 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 127 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди

Самарқанд вилоятида сўнгги 7 ойда 321 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 127 нафар фуқаро ҳалок бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, 321 та ЙТҲда 248 нафар фуқаро турли хил даражада тан жароҳатлари олган.

Жумладан, 21 август ҳолатига кўра Ургут туманида 28 та ЙТҲ содир этилган. Уларнинг оқибатида 18 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 21 нафар фуқаро турли хил даражада тан жароҳатлари олган. Мазкур ЙТҲларда 7 нафар вояга етмаган ва 2 нафар аёл ҳалок бўлган.

Қайд этилишича, содир этилган ЙТҲларда жами 358 та транспорт воситалари иштирок этган бўлиб, шундан 207 таси маҳаллий транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан ва 151 тасини вилоят ҳудудидан транзит ўтувчи транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан содир этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ургутда «Москвич» ҳайдовчиси велосипеддаги 5 ёшли болани уриб юборгани ва бола шифохонада вафот этгани ҳамда «ЗИЛ» ва «Cobalt» тўқнашиб кетиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Самарқандда каналга тушиб кетган автомобиль билан боғлиқ воқеа тафсилотлари маълум бўлди.

Янгиликлар