Халқ таълими вазири мактаблардаги энергия муаммосига муносабат билдирди

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 26 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ахбороти эшитилди. Унда таълим тизимидаги қатор муаммолар юзасидан сенаторлар фикр билдирди. Тадбирдан сўнг «Rost24» мухбири вазир Шерзод Шерматовдан мактабларда иситиш тизими муаммолари юзасидан изоҳ сўради.

Фото: «Газета.uz»

«Энди барибир куз-қиш мавсумида ҳокимиятларга юклатилган вазифа бўлган тақдирда ҳам жойларда баъзи бир ҳолатларда ресурслар етмагандан кейин эски таъмирталаб тизимлар қўлланилади. Мажбур бўлган ишламагандан кейин УЖК қўйиб қўйишган. Кўп жойларга борганимизда иситиш тизими бўлса-да, УЖК қўйишган бўлади. Нега ундай қилдингиз, деб сўралса тизим ишламаслигини айтишади.

Таъмир ўз вақтида қилинмаган, пул ажратилмаган ёки сифатсиз қилинган бўлиши мумкин. Кейин кўмир масаласида, бу йилдан секин ижобий ўзгариш бўлаяпти, деб айтишаяпти. Лекин, менимча бу кўмирлар ўтган йиллардан қолиб кетган бўлса керак ёки брекет ишлатилаётган ҳолатлар бор. Муаммоларимиз бор», — деди вазир.

Шунингдек, Шерзод Шерматов ушбу муаммоларнинг ечилмаётганлиги борасида фикр билдириб, компетенцияли раҳбарлар, ишга фидоий инсонлар бўлиши кераклигини таъкидлаган.

«Кўп масалалар бор бу ерда. Биринчидан компетенцияли раҳбарлар бўлиши керак, ишга фидоий инсонлар бўлиши керак, ресурс билан ҳам боғлиқ. Барибир таъмирлаш бу маблағ билан боғлиқ масала. Олдингидан фарқи шундаки, масалан олдин бундай муаммо йўқ, дегандек бошимизни қумга тиқиб ўтириш холатлар бўларди. Ҳозир муаммоларни очиб, уларни ечишга ҳаракат қилаяпмиз.

Бундан икки-уч йил олдинги муаммолар кўлами билан бугунги муаммолар кўламини анча фарқи бор. Масалан, оддий буржуйкали мактаб, дейдиган бўлсак, икки йил олдин уларнинг сони 3000 дан ортиқ эди. Фараз қилинг шундай ис газида мактабларда болалар ўқирди заҳарланиб, ҳеч ким индамасди. Хозир анча ўзгариш бор. Уларнинг сони ҳозир 300 тача қолди, уларнинг 150 га яқини филиаллар. Ҳар қандай ўзгариш ресурс талаб қилади», — деди Шерзод Шерматов.

Бундан ташқари, халқ таълими вазири умумий энергия таъминоти инвестиция дастури бўйича 300–400 та мактаб капитал таъмирланишини айтган. Мактаблар сони 10 мингдан ортиқлигини маълум қилиб, бир мактабни капитал таъмир қилиниши учун ўртача 30 йил кутишга тўғри келишини таъкидлаган.

«Лекин жорий таъмирига маҳаллий ҳокимиятлар пул ажратиши керак. Қайсидир ҳокимият бунга кўп ажратади, қайсидири кам ажратади. Бу ҳам жойлардаги раҳбарларга боғлиқ бўлаяпти. Хозир сенаторлардан илтимос қилдик, қолаверса, оммавий ахборот воситалари ҳам бу масалани назорат қилиши керак.

Энди иқтисодий жиҳатдан оқлаши керак. Кўп нарса иқтисодга боғлиқ. Хозирча адашмасам, иқтисодий жиҳатдан оқламайди. Яъни бу қурилмаларнинг бир қанча муаммолари мавжуд. Лекин, икки тенденция кузатилаяпти. Бир томондан энергия ресурсларга эҳтиёж ортиб бораяпти, тарифлар ошаяпти, иккинчи томондан бу қурилмалар ҳам такомиллашиб бораяпти. Вақти келиб, албатта, бундай мактаблар бўлишига ҳам эришиш керак», — дейди вазир.

Маълумот ўрнида, 2021 йилда 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилмоқда.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги тизимда аниқланаётган камомадлар юзасидан изоҳ берганди.

Янгиликлар