Халқ таълими вазирлиги тизимда аниқланаётган камомадлар юзасидан изоҳ берди

Халқ таълими тизимида иш ҳақи фонди 17 триллион сўмни ташкил қилади, камомадлар тўғрисида чиқаётган маълумотларнинг асоси вазирлик меҳнати натижаси саналади. Бу ҳақда халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов ЎзАга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: ЎзА

Унинг сўзларига кўра, халқ таълими тизимида иш ҳақи фонди 17 триллион сўмни ташкил қилади. Вазирликнинг ички аудити аниқланаётган ҳолатларни ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этади. Улар тегишли суриштирув ишларидан кейин эълон қилинади.

«Бу масала юзасидан фикримиз жуда ҳам кескин. Халқ таълими тизимида иш ҳақи фонди 17 триллион сўмни ташкил қилади, агар тизимда 1 фоиз камомад аниқланса ҳам, бу 170 миллиард сўм маблағ бўлади. ОАВда камомадлар тўғрисида чиқаётган маълумотларнинг асоси ўзимизнинг вазирлик меҳнати натижаси саналади. Бу нарса Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам, Сенатда ҳам муҳокама қилинган.

Биз шу йилнинг январь–февраль ойларида Халқ таълими вазирлигининг ички аудит хизмати ва Ҳисоб палатаси ҳамкорликда ўрганиш ишларини олиб бордик, ҳозир ҳам бу ишларни давом эттиряпмиз. Йил якунида ушбу соҳада қилинган ишлар бўйича сарҳисоб тарзида оммавий ахборот воситалари орқали алоҳида маълумот беришни режалаштирганмиз: қандай камчиликлар аниқладик, қанча камомад топдик, қаерда хатоликларга йўл қўйилган.

Мисол учун, биргина Андижон шаҳридаги ишсизларга 5 миллиард сўмдан ортиқ ойлик ёки мукофот пулларини расмийлаштириш натижасида давлат бюджетига зарар келтирилган ҳолатларни аниқлаганмиз. Худди шу каби Зарбдор туманида ҳам 7 миллиард сўмдан ортиқ камчиликлар аниқланди ва ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди.

Бунга 2019 йилда ички аудит хизматини кучайтиришга берилган асосий эътибор сабаб бўлмоқда. Ички аудитни кучайтирганимиздан кейин уни Марказий аппаратга олиб, фақат вазирликка бўйсунадиган қилдик ва Молия вазирлигидан молиявий инструментларни олиб, айнан хавф таҳлиллари асосида оғриқли ҳар бир нуқтага бориб, камчиликларни аниқлаяпмиз. Бу бўйича қилаётган ишларимиз муросасиз, албатта, чоралар кўрилади.

Вазирликнинг ички аудити ўзимиз томондан аниқланаётган ҳолатларни ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этиб, улар юзасидан ҳолатлар ҳуқуқ-тартибот органларининг суриштирув ишларидан кейин эълон қилинади», —деди вазир ўринбосари.

Аввалроқ Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари асоссиз сарфлангани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шерзод Шерматов Қашқадарёдаги 20 та мактаб директорини ишдан бўшатгани, Булунғурдаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини танқид қилгани ҳақида хабар берилганди.