Қашқадарёда ўтказилган сайёр қабулда 50 нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилди

Қашқадаро вилояти Косон туманида 1-сектор раҳбари иштирокидаги сайёр қабулда 80 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, 50 нафар фуқаронинг муаммоси қабул жараёнида ҳал этилди. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, мурожаатларнинг аксарияти бандлик, уй жой, тиббий ёрдам, йўл қурилиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, кредит олиш билан боғлиқ. Туманнинг Регзор маҳалласида яшовчи Наргиза Бекмуродованинг 4 нафар вояга етмаган фарзанди бор. Сайёр қабулда тикувчилик қилиш нияти борлигини, аммо тикув машинаси олишга қурблари етмаётганлигини айтиб, кўмак сўраган. Унга тикув машинаси совға қилинди. Шу билан бирга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун фуқарога 30 миллион сўм имтиёзли кредит ҳам бериладиган бўлди. Шу куни «Аёллар дафтари»дан ўрин олган яна 10 нафар хотин-қизга замонавий тикув машиналари топширилган.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Шунингдек, Бунёдкор маҳалласида яшовчи Фурқат Тўхтаев сайёр қабулга келиб, деҳқончилик қилиш истаги борлигини билдириб, сўраган. Фуқарога Гувалак ҳудудидан 1 гектар ер ажратиб бериладиган бўлди. Айни пайтда 52 та артезиан қудуқ қазилиб, тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Сайёр қабул давомида иш сўраб мурожаат қилган, «Ёшлар дафтари»дан ўрин олган яна 9 нафар йигит-қизга 1 гектардан ер ажратилгани ҳақидаги сертификатлар топширилган.

Дўстлик маҳалласидан Шавкат Абдиназаров маҳалладошларининг мурожаатини билдириш учун сайёр қабулга келган. Унинг маълум қилишича, маҳаллада 2500 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, 200 га яқин оила янги уй-жой қуриб, массивга кўчиб чиқишган. Ўзлари қўлбола усулда симёғочлар ўрнатиб, электр симлари ҳам тортиб олишган. Бу эса электр таъминотида муаммоларни келтириб чиқарган. Ушбу масалалар сайёр қабул давомида муҳокама қилиниб, туман электр корхонаси томонидан маҳаллага яна қўшимча 160 киловатли янги трансфарматор ўрнатиб берилган. Ёғоч устунлар ўрнига темир устунлар алмаштириш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари 850 метрлик замонавий кабель тармоғи ҳам тортилмоқда.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Дўстлик маҳалласида яшовчи Маҳбуба Мўминова ён қўшнисининг 6 нафар фарзанд бир кунда ҳам онасиз, ҳам отасиз қолганлиги сабабли уларни ўз қарамоғига олган. Аммо рўзғор тебратиш борасида бироз қийинчиликка учраётганлиги сабабли ёрдам сўраб сайёр қабулга келди. Шу куннинг ўзида унга 30 миллион сўм ёрдам пули берилган. Бундан ташқари, ҳомийлар томонидан болаларга кийим-кечаклар, ўқув қуроллари олиб берилган.

Туманнинг Обод турмуш маҳалласида истиқомат қилувчи Камол Жўраев 2-гуруҳ ногирони бўлсада, рўзғорини боқиш, 4 нафар фарзандини вояга етқизиб келмоқда. Туман Халқ қабулхонаси ва сектор раҳбарларининг кўмаги билан Камол Жўраев га «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури асосида 30 миллион сўм кредит берилиб,томорқасидаги 5 сотих ерга иссиқхона қурилди. Бу ерга лимон, помидор, бодринг кўчатларини экишни режалаштираяпти.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Косон туман марказидан 20 киломeтр узоқликда жойлашган Айрончи маҳалласи ўқувчилари ҳозирга қадар 1932 йилда лой пахсадан қурилган мактабда таълим тарбия олиб келишган. Аввалги қабулларда маҳалла фаоллари ва ота оналар авария ҳолатига келиб қолган мактабни таъмирлаб беришларини сўраб мурожаат қилишган эди. 2020 йилда 3 қаватли 300 ўринли янги мактаб қурилиши туман ҳокимлиги томонидан инвестиция дастурига киритилди. Қисқа муддатда янги замонавий, барча шарт шароитларга эга мактаб фойдаланишга топширилди.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Ушбу маҳаллада 5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Боғча ёшидаги болалар сони эса 500 нафардан ортиқ. Аммо ҳудудда бор-йўғи битта мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, у ҳам 90 йилларда қурилган, мослаштирилган бинода фаолият олиб борган. Аҳолининг халқ қабулхонасига мурожаатидан сунг, янги мактабгача таълим ташкилоти қуриш маҳаллий дастурга киритилиб, 3 миллиард 400 миллион сўм эвазига 125 ўринли замонавий боғча қурилиб, ишга туширилди.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Эсабой маҳалласи туман марказидан 12 километр узоқликда жойлашган. Ҳудуддаги 1997 йилда қурилган қишлоқ врачлик пункти 3 та маҳалла, 6 та қишлоқнинг 10 мингдан ортиқ аҳолисига хизмат кўрсатган. Йиллар ўтиб бино ночор аҳволга келиб қолганлиги туфайли, тиббиёт ходимлари қўшни маҳалла фуқаролар йиғини биносининг 3 та хонасида фаолият юритишга мажбур бўлган. Бугун инвестиция дастурига асосан ажратилган 586 миллион сўм эвазига эски бино қайта реконструкция қилиниб, айни пайтда сунгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Янгиликлар