Тошкентда салкам 17 млрд сўмлик қимматбаҳо тошларни сотаётганлар ушланди

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 500 минг долларга зумрад ва 10 минг долларга қадимий тилла сотаётганлар ушланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида тезкор тадбири ўтказилган. Унда йирик миқдордаги қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла тангаларни Ўзбекистонга ноқонуний равишда олиб кириш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ фош этилган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган 5 нафар фуқаролар Чилонзор туманидаги хонадонлардан бирида муқаддам Афғонистондан олиб келинган 2 килограмм 531 грамм оғирликдаги зумрад қимматбаҳо тошларини 500 минг АҚШ долларига, шунингдек, 8 грамм оғирликдаги 1 дона қадимий тилла тангани 10 минг АҚШ долларига сотишаётган вақтида тўхтатиб қолинган. Дастлабки ўрганишларга кўра, мазкур ҳолатда ноқонуний олди-сотдидан тўхтатиб қолинган тилла танга III асрга мансуб бўлиб, Кушон давлатида зарб қилинган. Шунингдек, ушбу шахслардан бирининг ҳамёнида 3 дона олмос тошлари борлиги ҳам аниқланган. Ҳисоб-китобларга кўра мазкур ҳолатда олиб қўйилган қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла танганинг умумий қиймати жами 16 миллиард 818 миллион сўмни ташкил қилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда салкам 275 грамм гашиш олиб юрган «Orlando» йўловчилари қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда салкам 4,5 грамм героин сотган жиноий шериклар ушлангани хабар қилинган.