Ўзбекистоннинг ҳаво ифлосланиши бўйича жаҳон рейтингидаги ўрни маълум бўлди

Швейцариянинг «IQAir» мониторинг гуруҳи ҳаво ифлосланиши бўйича мамлакатлар рейтингини тақдим этди.

Унга кўра, Ўзбекистон давлатлар орасида 12-ўринни, Тошкент эса ҳавоси ифлосланган пойтахтлар рейтингида 10-ўринни эгаллади.

Маълум қилинишича, Марказий Осиё давлатлари ичида Тожикистон ва Қирғизистон Ўзбекистондан олдинда, Қозоғистон эса пастроқда жойлашган.

Келтирилишича, дунё давлатлари орасида Бангладеш энг ифлос ҳавога эга бўлган мамлакат сифатида биринчи ўринни эгаллаган. Иккинчи ўринда Чад, учинчи ўринда Покистон қайд этилган. Энг тоза ҳаво Янги Каледония оролида бўлиб, ундан кейинги ўринларни Виржиния ороллари ҳамда Пуэрто-Рико забт этган. Бу ҳудудларнинг пойтахтлари ҳам ҳаво тозалиги бўйича етакчи ўринларда қайд этилган.

Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, 2021 йилда Марказий ва Жанубий Осиёдаги ҳаво сифати дунёдаги энг ёмон натижалар қаторига кирган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастури маълумотларига кўра, дунёда ҳаво сифати билан боғлиқ ўлимларнинг 70 фоизи ушбу минтақада содир бўлади.

Янгиликлар