Тошкентда гиёҳвандликка алоқадор бир нечта ҳолатлар фош бўлди

Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги «Фарҳод» божхона постида кийими остидан 2,6 кг оғирликдаги гашиш гиёҳвандлик моддасини Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлган Тожикистон фуқароси ва унинг қизи қўлга олинди.

Айтилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа бўлимлар ходимлари томонидан гиёҳванд моддаларни сотишга қаратилган яна бир неча уринишлар тўхтатилган. Хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Божхона қўмитаси ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир неча шахсни гиёҳванд моддалар билан қўлга олган.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида 1969 йилда Бухоро шаҳрида туғилган, муқаддам наркотик моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган фуқаро Денов шаҳрида яшовчи таниши томонидан озиқ-овқат қутисига яшириб жўнатилган 300 грамм опий моддасини олаётган вақтида қўлга олинган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, Денов туманидаги шахс ҳам қўлга тушган. Унинг уйидан 500 грамм опий моддаси топилган.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ҳам муқаддам гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ жиноятларда айбланиб судланган шахс қўлга олиниб, ёнида 5 грамм гашиш борлиги аниқланган. Операция давомида унинг хонадонидан яна 649 грамм гашиш топилган.

Яна бир ҳолатда, Тошкент шаҳрида яшовчи 3 нафар (1986, 1987 ва 1990 йилларда туғилган) йўловчи бўлган Lacetti русумли автомашина Бектемир туманида тўхтатилган. Машинанинг салони ва юкхонасидан 698 дона «Тропикамид», 115 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва 7 грамм синтетик наркотик модда топилган. Бундан ташқари, автомобиль эгасининг хонадонидан яна 497 дона «Регапен» дори воситаси топилган.

Барча ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.