Самарқандда бир кунда қанча абитуриент имтиҳон топшириши маълум қилинди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов 27 август куни олий таълим муассасаларига ўқишга кириш тест синовларини ўтказиш учун белгиланган ҳудудларда олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқандда 2020/2021 ўқув йилида олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари еттита очиқ майдонда ўтказилиши белгиланди. Тест синовлари 2 сентябрдан бошлаб икки сменада ўтказилиши назарда тутилган. Бир кунда 12 280 киши имтиҳон топширади. Тест синовларини 11 кунда якунлаш режалаштирилмоқда.

Тест синовларида Самарқанд вилоятида 132 минг нафардан ортиқ абитуриент иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Ҳудудларда абитуриентларни тест синовларига олиб келиш, яшаш жойларига олиб бориб қўйиш учун махсус автобуслар ажратилади. Имтиҳон жараёнларни онлайн трансляция қилинади. Кузатиш истагида бўлган ота-оналар учун шароит яратилади.

Шунингдек, вилоят ҳокими Самарқанд давлат университети жисмоний маданият факультети спорт комплексида COVID-19 билан касалланганлар учун тайёрланаётган 500 ўринли вақтинчалик шифохонада олиб борилаётган ишлар ҳолати билан танишди. Мазкур даволаш масканида даволанувчилар учун барча шарт-шароитларни яратиш борасида зарурий кўрсатмалар берди.

Маълумот учун, Самарқандда тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларнинг геожойлашуви тақдим этилди. Аввалроқ Самарқандда ОТМларга кириш имтиҳонлари ўтказиладиган ҳудудлар рўйхати эълон қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда кириш имтиҳонлари ўтказилиши муносабати билан айрим кўчаларда транспорт ҳаракати вақтинчалик тўхтатилади.

Янгиликлар