Ургутда коронавирус беморларини даволаш учун 500 ўринли шифохона ташкил этилади (видео)

Самарқанд вилояти Ургут туманида коронавирусни даволаш учун 500 ўринли махсус шифохона ташкил этилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, туманда коронавирус инфекциясига гумондорлар шу пайтгача туман марказий шифохонаси юқумли касалликлар бўлимида жойлаштирилган. Касаллик аниқланган беморлар эса вилоятдаги тиббий муассасаларда даволанган.

Айни пайтда туманда эпидемиологик вазият барқарорлашган. Аммо ҳудудда аҳолининг кўплиги эътиборга олиниб, Ургут тиббиёт коллежи биносида 500 ўринли вақтинчалик махсус шифохона ташкил этилмоқда.

Ургут тиббиёт коллежи спорт залида 80 ўринли реанимация бўлими ташкил этилади ва барча зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланади. Кислород таъминоти яратилади. Шунингдек, коллеждаги хоналар 420 ўринга мослаштириб, ётоқ мебеллари билан жиҳозланмоқда. Коллеж ётоқхонаси муассасада ишловчи тиббий ходимлар учун ажратиб берилади.

Аввалроқ Самарқанд ҳокими Ургутда коронавирус ва пневмонияга чалинганлар учун 500 ўринли шифохона ташкил қилинишини маълум қилганди. Ундан ташқари, Самарқандда коронавирус беморлари учун яна 400 ўринли шифохона ишга туширилиши, вилоят ҳокимининг тиббиёт ходимлари ичида ҳар замонда касбига садоқатсиз кишининг учраши бу барча шифокорлар садоқатсиз дегани эмаслигини таъкидлагани хабар қилинганди.