Она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар рекламаси тақиқланди

Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 сентябридан бошлаб она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар рекламаси ҳам тақиқланади. Бу «Реклама тўғрисида»ги янги Қонуннинг 35-моддасида овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларн ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламаси бўйича тартибларда белгиланган.

Қонунга кўра, қуйидаги маҳсулотларнинг рекламасида:

  • «улар дори воситалари ҳисобланади» ёки «даволаш хоссаларига эга» деган таассурот уйғотилмаслиги;
  • қўллаш натижасида одамлар даволанганига, аҳволи яхшиланганига доир муайян ҳолатлар мисол келтирилмаслиги;
  • уларни қўллаган жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорлик изҳорини ўз ичига олмаслиги;
  • соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
  • биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалар бўйича тадқиқотлар ўтказилгани ҳамда давлат рўйхатига олингани тўғрисидаги фактларни ҳаволалар қилиш, шунингдек, улардан тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзаллиги ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги;
  • вояга етмаганлар истеъмол қилиши тақиқланган биологик фаол қўшимчалар рекламасида болалар тасвиридан фойдаланилмаслиги керак.

Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасида уларнинг дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш берилиши шарт.

Бундай маҳсулотлар рекламаси бўйича рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш ҳам мумкин эмас.

Мазкур Қонуннинг 36-моддаси билан эса она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар рекламаси ҳам тақиқланди.

Янгиликлар