Бухорода йил якунига қадар қанча АСКУЭ тизимига мос электрон ҳисоблагич ўрнатилиши маълум қилинди

Бухорода 440 мингга яқин АСКУЭ тизимига мос электрон ҳисоблагич ўрнатилади. Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция»нинг махсус ишчи гуруҳи Бухоро вилоятидаги энергетика объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш юзасидан ўтказган семинарида маълум қилди.

Фото: «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, ишчи гуруҳ аъзолари Бухоро вилоятидаги «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ «Бухоро магистрал электр тармоқлари» филиалида техника хавфсизлиги бўйича ўрганишлар ўтказмоқда. Хусусан, 220/110/35/6 киловаттли «Бухоро» подстанциясида куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан амалга оширлган ишларни ўрганган.

Бухоро шаҳридаги «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан вилоятда истеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмоли ҳисоботи тизимини яратиш, назорат ва ҳисоботнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича ишлар юзасидан семинар ўтказилган. Унда «Ўзэнергоинспекция» бошлиғи ва Бухоро ҳудудий бўлими ходимлари иштирок этган.

Фото: «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати

Мазкур семинарда таъкидланишича, Бухоро вилоятида 437 046 дона АСКУЭ тизимига мос электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиши белгиланган. Бугунги кунда бу режа 430 039 тага, яъни 98,4 фоизга бажарилган. Жумладан, аҳоли хонадонларига 401 283 та (99,2 фоиз) ҳамда улгурчи истеъмолчилар учун 28 756 та (88,7 фоиз) ҳисоблагичлар ўрнатилган.

Маълум қилинишича, 2020 йил якунига қадар 7 305 та уч фазали электрон ҳисоблагич (аҳолига — 274 та ва улгуржи истеъмолчиларга — 7 031 та, трансформатор пунктларига баланс хисоблагичлар — 1 975 та) ўрнатилиши таъминланади. 2018 йилда вилоят бўйича технологик йўқотишлар 10,8 фоизни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2019 йилда 10,5 фоизга тушган. Натижада бир йилда 10,1 миллион киловатт соат ёки 4,1 миллиард сўмлик технологик йўқотишларни камайтиришга эришилган.

Фото: «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати

Семинарда иштирок этган вилоят масъулларининг билдиришича, «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан истеъмолчиларнинг фикрлари таҳлил қилиб борилмоқда. Ушбу таҳлиллар ва аҳоли билан учрашувлар натижари кўра, мазкур электр ҳисоблагичлар аҳоли томонидан ижобий кутиб олинаётгани ва унинг қулайликлари маъқул келаётгани маълум бўлган.

Фото: «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати

Шунингдек, семинарда масъулларга куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш ҳамда «Бухоро ҲЭТК» АЖ томонидан амалга оширилаётган мукаммал таъмирлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича «Ўзэнергоинспекция» бошлиғи томонидан тегишли тавсиялар берилган.

Бундан ташқари, «Бухоро ҲЭТК» АЖга қарашли Тезкор диспетчирлик хизмати фаолияти билан яқиндан танишилиб, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.

Аввалроқ Когонда электр энергияси учун ва Бухоро шаҳридаги 2 та маҳаллани электр билан меъёр даражасида таъминлаш учун 49 дона бетон-таянч ўрнатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар