Тошкентда жарима тўламаган қарздорга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди

Тошкент шаҳри Шайҳонтоҳур туманида 53 миллион 394 минг 400 сўм жиноий жарима тўламаган фуқарога озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси «Tez News»га маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Мажбурий ижро бюросининг Шайҳонтоҳур туман бўлими иш юритувида Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2020 йил 18 майдаги 1-1005-2003/47-сонли ижро варақасига асосан қарздор А.К.дан ундирувчи давлат фойдасига 53 миллион 394 минг 400 сўм жиноий жарима ундириш юзасидан ижро ҳужжати 5 июнь куни келиб тушган. Шу куни МИБ туман давлат ижрочиси томонидан ижро иши қўзғатилиб, қарздорга юборилган.

Шунингдек, қарздорга ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни ихтирий равишда бажариш учун 15 кунлик муддат берилган. Қарздор А.К. томонидан белгиланган муддатда қарздорлик тўланмагач, давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилган. Жумладан, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 42-моддасига асосан қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиш ҳуқуқи чекланган.

Бундан ташқари, қарздор А.К.га тегишли мол-мулклар аниқланмагач, давлат ижрочиси томонидан 2020 йил 7 сентябрь куни қарздорга нисбатан Жиноят кодексининг 44-моддасига асосан жарима жазосини бошқа жазо турига алмаштириш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Шайҳонтоҳур туман судига тақдимнома киритилган. Суднинг 23 сентябрь кунги ажримига асосан МИБ Шайҳонтоҳур туман бўлими томонидан келтирилган тақдимнома қаноатлантирилган ва қарздорга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган.

Аввалроқ Пайариқда 15 миллион сўмдан зиёд алимент тўламай, қочиб юрган ота ва Наманганда салкам 6,5 миллион сўм алимент тўламаган ота 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар