Aндижонда 5 турдаги жиноятни содир этиб, 13 йил қидирувда бўлган шахсга суд ҳукми ўқилди

Aндижон вилоятида беш турдаги жиноятни содир этишда айбланиб, 13 йил давомида қидирувда бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда «Daryo» хабар қилди.

Хабарга кўра, мазкур шахс М.Х. муқаддам уч маротаба судланган. Шунингдек, у белгиланган тартибни бузиб, чет элга чиқиш ва кириш, ўқотар қуролни контрабанда қилиш йўли билан олиб ўтиш, сақлаш, қотиллик, ўзганинг мол-мулкини босқинчилик билан талон-торож қилиш каби ўта оғир жиноятларни содир этган.

Маълум қилинишича, М.Х. 2007 йилнинг октябрь ойида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида яшовчи Aваз исмли шахснинг уйида аввал ҳам жиноят содир этиб, судланган Ўзбекистон фуқаролари — Собир, Бобур ва Нодирлар билан учрашган. Учрашув давомида улар Балиқчи туманида яшовчи тадбиркорнинг моддий бойликларини қўлга киритиш мақсадида жиноий тил бириктирган. Режани амалга ошириш мақсадида 2007 йилнинг октябрь ойи охирларида қирғизистонлик номаълум шахсдан «ПМ» русумли пистолет ўқотар қуролини 1500 долларга сотиб олиб, қуролни ноқонуний тарзда контрабанда йўли билан Ўзбекистон ҳудудига олиб кирган.

Қайд этилишича, М.Х. 23 ноябрь куни соат 18:00 да «Tico» автомашинасида Шераличек қишлоғидаги қабристон орқали Ислом исмли тадбиркорнинг хонадонига бостириб кирган. М.Х. қўлидаги пичоқнинг орқа қисми билан уй эгаси турмуш ўртоғининг бош соҳасига қасддан уриб, унинг қўл-оёқларини арқон ва скотч билан боғлаган. Шунингдек, пул сўраганда бермаган хонадон эгасини хотинининг кўз олдида отиб ўлдирган.

Хабарда айтилишича, жиноятчилар хонадонда бўлган сейф ва сандиқларни титкилаб, хонадон эгаларининг 13 миллион сўмдан ортиқ мол-мулкларини босқинчилик йўли билан талон-торож қилган. Шундан сўнг М.Х. жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида Тошкент вилояти орқали Қозоғистонга ўтиб, бир неча йиллар давомида яшириниб юрган.

Таъкидланишича, М.Х. 2019 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида яшовчи яқин қариндошларини кўриш мақсадида такроран чегарани бузиб, айланма йўллар орқали ноқонуний йўл билан Ўзбекистонга киришга уринган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинган.

Мазкур жиноят ишини кўриб чиққан суд М.Х. ни Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (Босқинчилик), 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш), 246-моддаси (Контрабанда), 248-моддаси (Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) билан айбдор деб топиб, 19 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Эслатиб ўтамиз, БешариқдаОлтиариқда ҳамда Риштонда терговдан яширинган шахс ҳамда Фарғонада алимент тўламаган ва фирибгарлик қилган қидирувдаги икки шахс қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар