ОТБ Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш прогнозларини оширди

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 2023 йилда ўсиши бўйича прогнозларни 5 фоизгача оширди. Бу ҳақда Осиё тараққиёт банкининг янги ҳисоботида келтирилган.

ОТБ экспертларига кўра, Россиянинг Украинага бостириб киришининг озиқ-овқат ва энергия нархига таъсири, шунингдек, келажакда пул ўтказмаларининг камайиши 2022 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда уй хўжаликларининг даромадлари ва истеъмолини камайтириши мумкин. Ушбу ноаниқликларни ҳисобга олган ҳолда, ОТБ 2022 йил учун 4 фоизлик иқтисодий ўсиш прогнозини сақлаб қолди, 2023 йил учун эса 4,5 фоиздан 5 фоизга кўтарилган.

Бироқ импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашгани, иш ҳақи ва пенсиялар ошиши, ғалла нархининг либераллашувига қарамай, инфляция 2022йилнинг биринчи ярмида ўтган йилги 10,9 фоиздан 10,6 фоизгача секинлашган.

Ташқи инфляция босими ва ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланишига жавобан Марказий банк 2022 йил март ойида асосий ставкани 14 фоиздан 17 фоизга оширди, кейинроқ июнь ойида ставкани 16 фоизга, июль ойида эса 15 фоизга туширди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, биринчи ярим йилликда ялпи ички маҳсулот 2021 йилнинг шу даврида нисбатан 5,4 фоизга ошган.

Бу саноатнинг 5,1 фоизга ва хизмат кўрсатиш соҳасининг 7,3 фоизга ўсишининг секинлашиши фонида содир бўлди. Шу билан бирга, қурилиш саноатида ўсиш – 6,2 фоизга, қишлоқ хўжалигида 2,7 фоизгача тезлашган.

Август ойида инфляция ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,3 фоизни ташкил этган. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 16,3 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 10,9 фоизга, хизматлар нархи 7,1 фоизга ошган.

«Ривожланаётган Осиё тикланишда давом этмоқда, аммо хавфлар юқори. Жаҳон иқтисодиётидаги сезиларли пасайиш минтақадан экспортга бўлган талабни жиддий камайтириши мумкин. Ривожланган мамлакатларда пул-кредит сиёсатининг кутилганидан кучлироқ қаттиқлашуви молиявий беқарорликка олиб келиши мумкин. Ва Хитойда ўсиш такрорий блокировкалар ва заиф кўчмас мулк сектори туфайли қийинчиликларга дуч келмоқда», дейди ОТБ бош иқтисодчиси Альберт Парк.

Унинг сўзларига кўра, ривожланаётган Осиё ҳукуматлари бу хатарлардан ҳушёр туришлари ва ўсишни сусайтирмасдан инфляцияни ушлаб туриш учун зарур чораларни кўришлари керак.

Янгиликлар