Хусусий боғча учун олинган кредитларнинг имтиёзли даври узайтирилди

Хусусий боғча учун олинган кредитларнинг имтиёзли даври узайтирилди.

“Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил, 27 сентябрдаги 316-сонли қарорига асосан 2018-2022 йилларда давлат-хусусий шериклик(ДХШ) асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун тузилган битимларга мувофиқ ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича имтиёзли давр муддати 2024 йил 1 октябргача узайтирилди”, дейилади хабарда.

Унга кўра:

  • имтиёзли давр давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит бўйича фақат фоиз тўловлари амалга оширилади;
  • имтиёзли даврда тўланиши лозим бўлган асосий қарз бўйича тўловлар кредит даврининг қолган қисмига тенг миқдорда тақсимланади.

Шунингдек, Давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар лойиҳа ташаббускорларига қуйидаги табақалаштирилган фоиз ставкаларида ва шартларда ажратилади:

  • Тошкент шаҳрида – 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 12 фоиз ставка бўйича;
  • Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда – 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставка бўйича;
  • туманларда – 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставка бўйича.