Бухорода сўнгги 9 ойда 76 та ҳолатда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш қоидаси бузилган

Бухоро вилоятида сўнгги 9 ойда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш бўйича 76 та ҳолат аниқлангани маълум қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича жами 76 та ҳолат аниқланган. Шунингдек, мазкур ҳолатлар юзасидан жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан талабнома ҳамда уларга нисбатан таъсир чоралари кўрилиши тўғрисида огоҳлантириш хатлари юборилган.

Хабарга кўра, вилоят маданий мерос бошқармаси томонидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш юзасидан судларга 5 та даъво келиб тушган. Таъкидланишича, 2020 йилда «Бухоро тарихий маркази» ҳудудида қурилиш олиб бораётган фуқаролар томонидан 5 та ҳолат аниқланган ва ушбу ҳолатларга чора кўриш мақсадида шаҳар прокуратурасига мурожаатлар юборилган.

Қайд этилишича, вилоят прокуратурасига юборилган 4 та ва Бухоро шаҳар прокуратурасига юборилган 1 та хатга нисбатан Маъмурий Жиноят кодексининг 64-моддасини қўллаган ҳолда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Аввалроқ Бухородаги оғир аҳволда бўлган 12 та маданий мерос объектларида қайта тиклаш ишлари бошлангани ва 7 та маданий мерос объекти UNESCOнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига номзод сифатида тайёрлангани ҳақида хабар қилинган эди.

Кейинчалик Бухородаги Хўжа Калон ҳовузи реставрацияси халқаро эксперт иштирокида амалга оширилиши ҳамда маданий мерос объектларини узоқ муддатга ижарага бериш бўйича инвестиция таклифлари ишлаб чиқилгани маълум қилинган.

Янгиликлар