Бухорода маданий мерос объектларини узоқ муддатга ижарага бериш бўйича инвестиция таклифлари ишлаб чиқилди

Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан Бухоро шаҳридаги бўш турган маданий мерос объектларини узоқ муддатга ижарага бериш бўйича инвестиция таклифлари каталоги ишлаб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

фото: ЎзА

Мазкур инвестиция таклифларига кўра, бўш турган маданий мерос объектлари инвестиция киритиш йўли билан реставрация қилган ҳолда туризм инфратузилмаси объектларини ташкил қиладиган хорижий ва маҳаллий тадбиркорларга узоқ муддатга (10—30 йилга) берилади. Шундан 5 йил имтиёзли давр (ижара тўловидан озод этилади) билан ижарага берилиши режалаштирилган.

«Таклифлар бўйича қизиқиш билдирган тадбиркорлар объектлар бўйича қўшимча маълумотларни ва уларни ижарага бериш тартиби тўғрисидаги маълумотларни вилоят маданий мерос бошқармасидан олиши мумкин», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ушбу ишлар давлат раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ ҳудудда туризм инфратузилмаси объектлари жойлашган ёки барпо этиладиган моддий маданий мерос объектларини ўттиз йилга, бироқ ўн йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага бериш бўйича берилган топшириқлар юзасидан амалга оширилади.

Аввалроқ Бухородаги Хўжа Калон ҳовузи реставрацияси халқаро эксперт иштирокида амалга оширилиши, вилоятда 16 та маданий мерос объектини қайта тиклашга қанча маблағ ажратилгани ҳамда оғир аҳволда бўлган 12 та маданий мерос объектларида қайта тиклаш ишлари бошлангани ҳақида ҳабар берилганди.

Янгиликлар