Бухородаги Хўжа Калон ҳовузи реставрацияси халқаро эксперт иштирокида амалга оширилади

Бухоро вилояти Гавкушон мажмуаси олдидаги Хўжа Калон ҳовузи реставрацияси халқаро эксперт иштирокида амалга оширилади. Бу ҳақда вилоят Маданий мерос бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, «Бухоро. Гаукушон ҳовузи. 4 ойдирки, шундай ётибди» сарлавҳа остида 11 cентябрь, жума куни тарқалган хабарда ҳовузнинг тўхтаб қолган реставрация ишлари акс эттирилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳовузнинг реставрация ишлари Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти ҳузуридаги илмий-эксперт кенгашининг хулосаси олинмасдан туриб бошланганлиги сабабли тўхтатиб қўйилган ҳамда ўзбошимчалик билан таъмирлаш ишини бошлаганларга нисбатан маъмурий чора кўрилган.

Ҳовузнинг таъмирлаш ишларини қонунчиликка мувофиқ амалга ошириш мақсадида пудратчи ташкилот танлаб олинган. Ҳовуз реставрация ишларининг дастлабки лойиҳаси ҳам маданий мерос объектлари билан ишлаш бўйича кўп йиллик тажрибага эга бўлган ташкилот томонидан ишлаб чиқилган. Мазкур таклифга доир ҳужжатлар келишиш мақсадида Маданий мерос департаменти ҳузуридаги илмий-эксперт кенгашига тақдим этилган.

Шунингдек, UNESCO ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссиясининг талабига биноан Хўжа Калон ҳовузини реставрация қилиш лойиҳаси кўп йиллик тажрибага эга, Ўрта Осиё, хусусан, Бухоро архитектураси бўйича мутахассис, халқаро эксперт Кристина Ияманди томонидан тайёрланаётгани қайд этилган. Пандемия даврида халқаро эксперт томонидан лойиҳани жойига келиб ўрганиш имконияти мавжуд бўлмаганлиги сабабли вилоят маданий мерос бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда видеомулоқотлар орқали ўрганиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Лойиҳа ва у бўйича тайёрланган ҳисобот юзасидан Маданий мерос департаменти ҳузуридаги илмий-эксперт кенгаши ва UNESCO’нинг хулоса ва тавсиялари олинганидан сўнг тез орада Хўжа Калон ҳовузини реставрация қилиш ишлари қайта бошланади.

Aввалрқо Бухородаги 7 та маданий мерос объекти UNESCO’нинг Умумжаҳон мероси рўйхатига номзод сифатида тайёрлангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бухорода Ёмонжар канали 16 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига таъмирлангани маълум қилинди.

Янгиликлар