Бухорода Ёмонжар канали 16 млрд сўмдан ортиқ маблағ эвазига таъмирланди
Бухоро вилоятида Ёмонжар канали 16 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига таъмирланди. Бу ҳақда Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, каналнинг 7,2 километр қисми бетонлаштирилган ҳамда 20 километр қисми механизмлар ёрдамида тозаланган.
Қайд этилишича, Сув хўжалиги вазирлигининг таклифига биноан AҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги молиялаштираётган Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан амалга оширилаётган «Марказий Осиёда сув, таълим ва ҳамкорлик» (Smart Waters) лойиҳаси доирасида Ёмонжар каналида техник тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, сув тўсувчи иншоот ва гидрометрик постлар барпо этилган.
Шунингдек. Сув чиқарувчи иншоот реконструкция қилинган ва канал қирғоғида бетонлаштириш ишлари олиб борилдган. Ушбу ишлар учун 121 минг доллар ўзлаштирилган.
Лойиҳа якунланиши муносабати билан Ёмонжар каналнинг Қоракўл туманидан ўтган қисмида янги барпо этилган сув тўсувчи иншоот бўйида тадбир ўтказилган. Унда Сув хўжалиги вазирлиги, вилоят сув хўжалиги ташкилотлари, Сув истеъмолчилари уюшмалари, Марказий Осиё минтақавий экологик ташкилоти вакиллари, Олот ва Қоракўл тумани ҳокимлар ҳамда ҳудуддаги фермерлар иштирок этган.
Шунингдек, Ёмонжар каналидаги таъмирлаш ишларининг якунига бағишланган онлайн тадбир бўлиб ўтган. Тадбирда AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ижрочи директори Зафар Маҳмудов, Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Воҳид Aҳмаджонов иштирок этган.
«Янги барпо этилган ёки реконструкция қилиниб, Ёмонжар канали сувидан фойдаланувчилар учун топширилган сув иншоотлари Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларидаги 7 минг гектардан зиёд суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилайди. Шу билан бирга, сувнинг тақсимоти ва бошқарувини сифат жиҳатдан юксалтиришга хизмат қилади», — деди AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениел Розенблюм.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода 20 миллиард сўмлик лойиҳа асосида ДТМ вилоят филиалининг янги биноси қурилаётгани ва Ургутда аҳолини сутка давомида тоза ичимлик суви билан таъминловчи тақсимлаш ва тозалаш иншоотлари қурилиши маълум қилинди. Кейинчалик Қоровулбозорда қиймати 242 миллиард сўм бўлган цемент заводи қурилаётгани ҳамда Бухорода Эски шаҳарга олиб борувчи йўлларда велосипед йўлаклари қурилгани ҳақида хабар берилган эди.