Мўйноқ ҳудудига осмондан шар шаклидаги ичи бўш металл тушди

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманининг Қипчоқ дарё овули ҳудудига осмондан шар шаклидаги ичи бўш металл тушди. Бу ҳақда «Yuz.uz» хабар қилди.

Фото: «Yuz.uz»

Хабарга кўра, мўйноқлик Феруза Карамуллаеванинг сўзларига асосан шар кўринишидаги жисмнинг бир томони бир оз ўйилган. У болаларига шарни расмга олишни сўраган. Кейин бу суратларни интернет тармоғига тарқатган. Маълум бўлишича, «Қарақалпақстан» телеканали «Хабар» дастури мухбири воқеа жойига борган. Aммо воқеага гувоҳ бўлган Сабир Караматдинов билан учраша олмаган. Aввалроқ гувоҳ:

«Осмонда ниманингдир қаттиқ ёрилган озови эшитилди. Бу 3–4 марта содир бўлди. Сўнг осмонга қараб турдим. Бир пайт номаълум жисм катта тезликда учиб келиб ерга урилди. Бирдан яқинлашишга қўрқиб, 10 дақиқа вақт ўтгандан кейин бориб. ушлаб кўрсам, ҳали иссиқ экан», — деган.

Таъкидланишича, Мўйноққа тушган металлнинг нима экани соҳа мутахассислари томонидан ўрганилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, худди шундай ҳолат 2018 йил февраль ойида Перуда ҳам кузатилган. Перуга шар осмондан тушиб, ерда 30 сантиметрлик чуқурлик ҳосил қилган. Сирли металл шарнинг оғирлиги 40 килограммни, диаметри эса бир метрни ташкил этган.

Янгиликлар