Наманган вилоятининг айрим ҳудудларида ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилди
Наманган шаҳар «Лола» маҳалла, Яндама масжиди кўчасида Д-1000 миллиметрли ичимлик сув тармоғида юзага келган носозлик сабабли 28 октябрь куни соат 11:00 да «Жийдакапа» иншоотидан сув узатиш вақтинчалик тўхтатилади. Бу ҳақда «Наманган сув таъминоти» МЧЖ ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 28 октябрь, чоршанба куни Наманган шаҳрининг Бобуршоҳ, Марғилон кўчалари, «Зарбдор», «Янги ҳаёт», «Янги қурилиш», «Янги замин», «Янги аср», «Баркамол авлод» маҳаллалари, Лола жаҳон бозори ҳудуди, Уйчи кўчасидаги кўп қаватли уйлар, Марказий шифохона, 4-оила поликлиникаси, Агротадбиркорлик коллежи ҳудуди, Вилоят силга қарши кураш диспансери, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳудудларида сув таъминотида чеклашлар содир бўлади.
Шунингдек, Наманган туманининг «Қурама», «Эшобод», «Қўрғонча», «Қорасув», «Неъматжон», «Ғалча», «Қўқонқишлоқ», «Хонобод», «Ирводон 1–2–3» маҳалларида, Уйчи туманининг Жийдакапа, Машад, Ўнҳаят, Обжувоз қишлоқларида ҳам ичимлик суви таъминотида чекловлар бўлиши маълум қилинади.
Аввалроқ Наманганнинг 3 та ҳудуди 15 октябрь куни ичимлик суви таъминотидан узилгани ҳақида хабар берилганди.