Қозоғистондаги шахтада портлаш юз берди, камида 16 киши ҳалок бўлди

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги Костенко конида портлаш юз берди. Вилоят ҳокими Эрмаганбет Булекпаев портлаш оқибатида 11 киши ҳалок бўлганини айтди. Кейинроқ «Закон.кз» қурбонлар сони 16 кишига етгани, яна 31 киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар берди.

«Ҳалок бўлган кончиларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман», — деб ёзди Булекпаев Facebookъдаги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, авария вақтида конда 252 киши бўлган, 205 нафар кончи ер юзасига чиқарилган.

«Конга етиб келишим билан раҳбарлигимда масъул шахслар ва ҳамкасблардан иборат тезкор штаб тузилди. Биз мана шу оғир кунларда сиз билан бирга бўламиз ва сизни қўллаб-қувватлаймиз», — дея қўшимча қилди Эрмаганбет Булекпаев.

Воқеа жойида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг яқинларига ёрдам кўрсатиш учун 40 нафар қутқарувчи, 10 та техника ва 3 нафар психолог ишламоқда.

Янгиликлар