Тошкентдаги «Ecobozor» мажмуасида ёнғин содир бўлди — видео

Тошкент шаҳрида жойлашган«Ecobozor»да ёнғин содир бўлгани акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан ФВВ Ахборот хизмати маълумот берди.

Бугун, 28 октябрь куни соат 06:58 атрофида Шайҳонтоҳур тумани «Бўстон» МФЙ, Беруний кўчасида жойлашган «Ecobozor» мажмуасида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида шаҳар ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра 5 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 07:04 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 07:19 ўраб олинган ва соат 07:26 да ўчирилган.

Ёнғин натижасида савдо мажмуасининг 80 кв.м ташқи девор қопламаси қисми ва шу жойдаги кафенинг 70 кв.м майдонида ички ва том қисми ёниб зарарланган. Мажмуанинг 7000 кв.м майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Янгиликлар