Мутахассис коронавирус юрак касаллиги бўлган беморларда қандай кечишини маълум қилди

Олий тоифали шифокор, кардиолог Камола Ғуломова коронавирус юрак касаллиги бўлган беморларда қандай кечишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, кўп ҳолларда юрак касаллиги бор беморларда коронавирус енгил кечади. Cурункали юрак касаллигида эса бу ҳолат оғир ўтади. Бу бир неча белгилар орқали кўринади.

«Масалан, юрак соҳасидаги оғриқ, нафас етишмовчилиги, тез-тез чарчаш, ҳолсизлик кузатиляпти. Шунингдек, коронавирус бундай беморларда асабийлик, аритмия, психоз, деменция каби асоратлар қолдиряпти. Коронавирус натижасида юракда бўладиган асоратларнинг 20 фоизи миокардит, 44 фоизи аритмия, 36 фоизи инфаркт, инсульт ва қон босими кўтарилиши билан кечмоқда», — дейди кардиолог Камола Ғуломова.

Аввалроқ Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева кунлар совиши коронавирус тарқалишига қандай таъсир қилишини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Севара Убайдуллаева икки томонлама пневмония юқумли касалликлар сирасига кириши ҳамда COVID-19ʼдан тузалганларга гриппга қарши вакцина қилиш мумкинлиги ҳақида маълумот берганди.

Янгиликлар