Мутахассис кунлар совиши коронавирус тарқалишига қандай таъсир қилишини маълум қилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати 18 ноябрь куни Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева билан суҳбат уюштирди. Унда мутахассис кунлар совиши оқибатида коронавирус тарқалиши тезлашадими, деган саволга жавоб берди.

Фото: «Tez News»

«Кунлар совиган сари сурункали, вирусли ва юқумли касалликлар қўзиши билан коронавирус касаллигининг ҳам мутацияси кучайиб бориши таъкидлаб келинмоқда. Бир йил олдинги коронавирус илк бор аниқланган вақт ҳам кузнинг охири ва қиш ойларига тўғри келган эди. Шундан хулоса қилиш мумкинки, ҳавонинг нам ва совуқ бўлиши вируснинг инсон организмига тушиш имкониятини кучайтириб беради. Совуқ ҳарорат инфекциянинг инсон организмидаги суюқлик таркибида кўпроқ яшаш имкониятини беради.

Яна шуни унутмаслик керакки, ташқи муҳит ҳарорати манфий даражага тушиши билан инсон организми ҳарорати пасайиши, иммун тизимининг кучсизланиши кузатилиши мумкин. Организмнинг совуқ қотган тўқималари ўз фаолиятини тиклаши учун кўп энергия керак бўлади. Инсон танасининг оқсиллар, углеводлар, витаминлар ва турли микроэлементларга эҳтиёжи ортади. Бу эса касалликка чалиниш эҳтимолини оширади. Шу сабабли бу мавсум кўп касалликлар қўзғаладиган давр ҳисобланади.

Организмда коронавирусдан ташқари бошқа касалликлар ҳам мавжуд бўлса, бу вирусни аниқлаш ва даволашда қийинчиликлар туғдиради. Коронавирусни бактериал инфекциялар ва бронхиал касалликлардан фарқлашда муаммолар пайдо бўлади».

Севара Убайдуллаева, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси

Шунингдек, мутахассис бундай вазиятда коронавируснинг хавфини камайтириш бўйича тавсияларини ҳам билдириб ўтган. Унинг таъкидлашича, бундай шароитда аҳолидан ўз иммун тизимини мустаҳкамлаш учун кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилиши, одамлар кўп тўпланадиган жойлардан иложи борича сақланиши сўраб қолинади.

«Тиббиёт ниқоблари ҳозирда касалликдан ҳимояланишда энг самарали восита бўлиб турибди. Уларни мунтазам тақиб юриш талаб этилади. Шамоллаш аломатлари сезилган дастлабки кунларданоқ шифокорга мурожаат қилиш ва уни олдини олиш чораларини кўришни маслаҳат берамиз. Профилактика мақсадида кўпроқ томоқни чайиб туриш, С витамини билан тўйинган маҳсулотлар, шунингдек, наъматакли, лимонли ва бошқа гиёҳли дамламаларни мунтазам истеъмол қилиб туришни тавсия этамиз», — дейди Севара Убайдуллаева.

Aввалроқ Севара Убайдуллаева икки томонлама пневмония юқумли касалликлар сирасига кириши ҳамда COVID-19’дан тузалганларга гриппга қарши вакцина қилиш мумкинлиги ҳақида маълумот берганди.

Янгиликлар