Қашқадарёда Labo ва Isuzu тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Қашқадарё вилояти, Кўкдала туманида Labo ва Isuzu тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди, яна беш нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари олди.

Маълум қилинишич, 2022 йил 12 ноябрь куни соат 09:30 ларда Қашқадарё вилояти, Кўкдала тумани «Тошли» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-87 автомобиль йўлининг 46-километрида 1986 йилда туғилган ҳайдовчи Б.Ш. Labo юкхонасида одам ташиш қоидаларини бузган ҳолда йўловчилар миндириб ҳаракатланаётган вақтда ёқилғиси тугаб, транспорт воситаси секинлашган. Ҳайдовчи автомобилни йўл четига олиб чиқаётган вақтда ушбу йўналишда ортидан ҳаракатланиб келган ҳайдовчи, 1987 йилда туғилган Ғ.Т. Isuzu’да йўл четига ҳаракатланаётган Labo’нинг айнан одамлар миниб олган қисмига қаттиқ зарб билан тўқнашган ва иккала юк автомобили йўл четига ағдарилган.

ЙТҲ оқибатида Labo юкхонасида бўлган икки нафар йўловчи оғир тан жароғатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Шунингдек, беш нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-модда 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Барча ҳайдовчилардан транспортда одам ташиш қоидаларига риоя қилишларини, тезликни меъёридан оширмасдан, оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланишларини сўраймиз», дейилади хабарда.