Депортация қилинган ўзбекистонликларга 2 йил хорижга чиқиш паспорти берилмайди
Ўзбекистонга халқаро шартномалар асосида реадмиссия тартибида қайтарилган фуқароларга икки йил давомида хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириб берилмайди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Ушбу тартиб 13 май куни қабул қилинган «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарорида белгиланди.
Миграция агентлиги хабарига кўра, истисно ҳолатлар Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб чет элда қонунбузарликлар туфайли депортация қилинган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар Ягона электрон маълумотлар базасига киритилади. Маълумотлар ТИВ, ИИВ ва Миграция агентлигининг хориждаги ваколатхоналари орқали шакллантирилади.
Ҳужжатга кўра, чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида хорижий давлатнинг қонунчилик ҳужжатларини бузиши натижасида депортация қилинган фуқароларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланади:
• депортация қилинган фуқаро Миграция жамғармаси ҳисобидан қайтарилганда, қайтариш харажатларни ушбу фуқародан ундириб олинади;
• Миграция жамғармаси ҳисобидан тақдим этилган субсидия ва компенсация суммаларини қайтариб ундирилади;
• бир йилгача муддат давомида ривожланган давлатларга ташкиллаштирилган тарзда ишга юбориш бўйича хизматлар кўрсатилмайди.
Шунингдек, ташкиллаштирилган тарзда чет элга ишга юбориш бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномада шартнома шартлари бажарилмагани учун жарима ва учинчи шахсларнинг кафиллиги белгиланади.
Реадмиссия — бу бошқа давлатда ноқонуний қолган ёки визаси тугаган Ўзбекистон фуқаросининг мамлакатга қайтарилиши жараёнидир.