Ўзбекистон фуқароларининг Тожикистонда бўлиш тартиби ўзгарди

Тожикистон парламенти қуйи палатаси 28 март куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон билан ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги протоколни маъқуллади.

Ўзгартиришга кўра, эндиликда Ўзбекистон фуқаролари Тожикистонда 10 кунгача рўйхатдан ўтмасдан қолишлари мумкин бўлади.

«Фуқароларнинг ўзаро саёҳатлари тўғрисидаги шартноманинг 3-бандига ўзгартириш киритилди. Жумладан, томонлардан бирининг фуқаролари бошқа томоннинг ҳудудига кирган кундан бошлаб 10 иш куни ичида яшаш жойидаги давлатнинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш мажбуриятидан озод қилинади», дейилади парламент матбуот хизмати хабарида.

Илгари амалда бўлган қоидалар чегарани кесиб ўтган пайтдан бошлаб уч иш куни ичида яшаш жойидаги давлатнинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтишни назарда тутган. Ўзбекистон билан ҳукуматлараро битимга ўзгартириш киритиш бўйича тегишли протокол Тожикистон қонунчилигига зид эмаслиги таъкидланган.

Янгиликлар