Сурхондарёда машиналарни ўғирлаб келган жиноий гуруҳ қўлга тушди

Жорий йилнинг 25 март куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Matiz олиб қочган йигитлар ушланди.

Қайд этилишича, номаълум шахс «Дўстлик» маҳалласи ҳудудида 37 ёшли Х.Ғ.га тегишли Matiz’ни номаълум томонга олиб қочиб кетган.

Олиб борилган тезкор-тергов тадбирлари давомида мазкур автомашина номаълум шахс томонидан Термиз тумани «Жўйжангал» маҳалласида ташлаб кетилгани, жабрланувчига тегишли бўлган 200 000 сўм пул ва видеорегистраторда жойлашган флешкарта йўқолгани аниқланган.

Келтирилишича, мазкур жиноятни 18 ёшли Ж.Б. ўзига олдиндан таниш бўлган маҳалладоши, вояга етмаган 15 ёшли М.И. билан биргаликда жиноий режа тузиб, содир қилгани маълум бўлган. Улардан автомашина видеорегистраторининг флешкартаси ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан йигитларга нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисмининг «б», «г» бандлари (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар процессуал тартибда ушланган.

Тергов давомида қонунбузарлар авваллари ҳам бошқа автомашиналар қулфларини бузиб келгани, машинада бўлган қимматбаҳо буюмларни ва пулларни ўғирлагани, мазкур автомашинани эса ўзлари айланиш учун олиб қочганини айтган.

«Ҳозирда ушбу шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда», дейилади Тергов департаменти баёнотида.

Янгиликлар