Қўқонда 122,5 млн сўм ва 8,5 минг доллардан ортиқ пулларни ўғирлаган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги МЧЖ ҳудудида жойлашган бинодаги 122 530 000 сўм ва 8660 доллар пулларни ўғирлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Қўқон шаҳрида жойлашган МЧЖ ҳудудида бўлган бинони 23 август кунидан 24 август кунига ўтар кечаси номаълум шахс кириш эшигини калит танлаш йўли билан очиб, хонадаги темир сейфдан жами қиймати 122 530 000 сўм ва 8660 AҚШ доллари миқдоридаги пулларни яширин равишда қўлга киритиб қочиб кетган.

Олиб борилган дастлабки тергов давомида мазкур жиноятни 27 ёшли A.Р. содир этганлиги аниқланиб, талон-торож қилинган пулларнинг бир қисми, яъни 115 000 000 сўм ва 8310 доллар миқдоридаги пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Қўқон шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ушбу шахсга Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, у айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда сейфни бузиб, 50 миллион сўмдан зиёд пулни ўғирлаб кетган шахс ушлангани ҳамда Ёзёвонда дала шийпонидан умумий қиймати 2,5 миллион сўм бўлган автомашина шиналарини ўғирлаган шахслар ушлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар