Тошкентда қарийб 9 минг нафар фуқаро фаолияти қонунийлаштирилди

Тошкентда солиқ ходимлари кўмаги билан 8,5 минг нафардан ортиқ фуқаро фаолияти қонунийлаштирилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Хабарга кўра, сентябрь ойининг 22 куни давомида Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари кўмаги билан 1446 та корхонада ноқонуний ишлаётган 8,5 минг нафардан ортиқ фуқаро асосий иш жойига расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, Яшнобод тумани Оҳангарон кўчасида жойлашган ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат шартномаси тузмасдан ишлаётган 13 нафар фуқаро фаолияти солиқ ходимлари кўмаги билан қонунийлаштирилган. Шунингдек, Олмазор тумани, Байроқтол кўчасида жойлашган қурилиш корхонасида 16 нафар фуқаро норасмий ишлаётгани аниқланган.

Фуқароларни норасмий равишда ёллаб, ишлатаётган ушбу тадбиркорлик субъектига ҳеч қандай жазо чоралари қўлланилмаган. «Солиқ идораси — тадбиркорга кўмакчи» тамойилига амал қилган ҳолда мавжуд камчиликлар тўғриланишига кўмаклашилган.

Аввалроқ Иштихонда қарийб 111 миллион сўмлик солиқ қарздорлиги ундирилгани, Тошкентда карантин даврида қанча мол-мулк ва ер солиқлари тўлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар