«PayPal» халқаро тўлов тизими Ўзбекистондаги фаолиятига чекловни мустақил равишда ўрнатгани маълум бўлди
«PayPal» халқаро тўлов тизими Ўзбекистондаги фаолиятига чекловни бирор давлат органи ёки бошқа ташкилот билан келишмаган, муҳокама қилмаган ҳолда мустақил равишда ўрнатгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.
Хабарга кўра, Марказий банк нима учун Ўзбекистон Марказий Осиёда «PayPal» халқаро тўлов тизими кириб келмаган ягона давлат бўлиб қолаётганини тушунтирган.
«Ҳозирги кунда ‘PayPal’ тўлов тизимида электрон ҳамёнларни Ўзбекистон ҳудудида муомалага чиқарилган банк карталарини бириктирган ҳолда пул маблағлари билан тўлдириш имконияти мавжуд эмас. Мазкур чекловни ушбу тўлов тизими Ўзбекистонда бирор давлат органи ёки бошқа ташкилот билан келишмаган, муҳокама қилмаган ҳолда мустақил равишда ўрнатган», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Президентнинг 2018 йил 14 майдаги «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан «PayPal» компанияси билан ўтказилган дастлабки музокараларда компания яқин келажакда мазкур тизимни Ўзбекистонда жорий этишни режалаштирмаганини билдирган. Шу билан бирга, Марказий банк республика банклари томонидан муомалага чиқарилаётган «Visa», «MasterCard», «UnionPay» ёки «МИР» карталарини хориждаги электрон ҳамёнларга бириктириш юзасидан ҳеч қандай чеклов ўрнатмаганини билдирган.
Маҳаллий дастурчиларнинг берган маълумотларига кўра, электрон платформаларнинг кўпчилиги, хусусан, энг йирик «Google PlayMarket» ёки «Apple AppStore» иловалар дўкони томонидан ўзбекистонлик дастурчиларга тўловлар банк карталари ёки одатий банк пул ўтказмалари орқали ҳеч қандай муаммоларсиз тўлаб берилмоқда. Бироқ айрим ихтисослашган платформаларда, хусусан, «Upwork», «Fiverr» ёки ўйин токенлари сотиладиган «Envato», «Storyblocks» ва шунга ўхшаш тизимларда тўловлар фақат «PayPal» тўлов тизими орқали амалга оширилиши мумкин.
Қайд этилишича, Марказий банк ечим сифатида интернет орқали онлайн тўловларни амалга оширишда республика тижорат банклари томонидан «Visa», «MasterCard», «UnionPay» халқаро тўлов тизимлари билан ўзаро келишув асосида муомалага чиқарилаётган чет эл валютасидаги банк карталаридан, шунингдек, муқобил электрон ҳамёнлар — «WebMoneу», «QIWI», «Яндекс Деньги» хизматларидан фойдаланишни масалаҳат берган. Шу билан бирга, «OSON» ва «СLICK» электрон пуллар тизими операторлари томонидан «PayPal» ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.
Маълумот учун, «PayPal» — бу халқаро тўлов тизими бўлиб, AҚШнинг «PayPal», «Holdings Inc» компанияси томонидан ташкил этилган. Ташкилий-ҳуқуқий шакли жиҳатидан очиқ акциядорлик жамияти ҳисобланади ва акциялари «NASDAQ» биржасида савдо қилинади. «PayPal» тўлов тизими Ўзбекистонда тегишли бўлинма очиб, миллий валюта — сўмда тўловлар ва амалиётларни амалга оширмоқчи бўлса, у ҳолда амалдаги қонунчиликка кўра, компания Марказий банкдан тегишли лисензия олиши ва ўрнатилган тартибда назорат ва кузатув остида бўлиши талаб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиргани ҳамда Марказий банк 2020 йил январь—сентябрь ойларидаги халқаро пул ўтказмалари ҳажмини маълум қилгани ҳақда хабар қилинганди.