Тойлоқдаги маҳаллага 10,5 тонна арзонлаштирилган ун етказиб берилади

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманининг «Навзандак» маҳалласида яшовчи 3436 нафар аҳолига 10,5 тонна ун арзонлаштирилган нархда сотилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Тойлоқ туманининг «Навзандак» маҳалласида яшовчи аҳолига карантин эълон қилинганидан бери 140 минг сўмдан сотилаётган ун маҳсулотлари етмай қолаётганлиги, бозорларда эса Жомбой уни 220—230 минг сўм атрофида сотилаётгани ҳақида хабар тарқалган.

Тойлоқ туман мутасаддилари томонидан ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида олиб борилган тадбирлар давомида «Навзандак» маҳалласида 566 оилада 3436 нафар аҳоли истиқомат қилиши аниқланган. Ҳар ойда киши бошига 3 килограммдан, жами 10,5 тонна ун тарқатиш белгиланган. Ушбу маҳаллага тумандаги «Мартаба-СМ» хусусий корхонаси томонидан туман ҳокимининг буйруғи билан белгиланган навбат асосида 1 килограмм унни 2 800 сўмдан (бир қоп ун 140 минг сўм) сотиб келган.

Бундан ташқари, 5 та деҳқон бозорида туман Давлат солиқ инспекцияси ва ИЖКК департаменти туман бўлимининг назорати остида Қозоғистондан импорт қилинган ун якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан рухсатнома асосида 220—230 минг сўмдан сотилаётгани маълум қилинган.

Хабарга кўра, «Жомбойдон» АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган ун маҳсулотларининг тумандаги деҳқон бозорларда сотилишини олдини олиш ва аҳолига тарқатиш борасида туман ДСИ ва ИЖКК департаменти туман бўлими ходимлари томонидан рейд тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.

Аввалроқ Андижон шаҳридаги учта маҳаллага жами 4 тонна арзонлаштирилган ун тарқатилганди. Шунингдек, Самарқандда эҳтиёжманд оила ва уларнинг 16 ёшга тўлмаган фарзандларига қанча маблағ тарқатилгани, Қўқонда эса ижтимоий ҳимояга муҳтож оиланинг хонадони янгидан қуриб берилди маълум бўлганди.

Янгиликлар