Тошкентга яроқсиз гўшт киритмоқчи бўлганлар ушланди

Тошкент шаҳрига ўтказиш учун 600 кгдан ортиқ яроқсиз гўштни олиб кетаётган шахслар ушланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Кўкдала туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда «Умакай» ЙПХ масканида ўтказилган тадбирда «Қарши-Самарқанд-Тошкент» йўналиши бўйича ҳаракатланаётган фуқаро Ф.Э. бошқарувидаги «Cobalt» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилган. Фуқаро Б.Х. жами 500 кг истеъмолга яроқсиз қорамол гўштини Тошкент шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб кетаётгани аниқланган. Ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Худди шундай, Департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда «Самарқанд-Тошкент» йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган фуқаро Э.М. бошқарувидаги «Isuzi» русумли юк автомашинасида фуқаро Н.Р. жами 165 кг истеъмолга яроқсиз қорамол гўштини Тошкент шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.