Бухоро–Хоразм йўналишида тезюрар поездлар ҳаракати йўлга қўйилади

Бухоро–Хоразм йўналишида 2021 йилдан 2 та тезюрар поезд ҳаракати йўлга қўйилиб, Бухоро–Урганч–Хива темир йўлини электрлаштириш бошланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ўзининг парламентга Мурожаатномасида маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Шунингдек, ҳукуматга 2021 йил 1 мартдан бошлаб, ички туризм йўналишларидаги авиақатновларни йўлга қўйиш ва авиачипта нархининг бир қисмини, бюджетдан қоплаб бериш тизимини жорий этиш вазифаси юкланади. Бир қатор ҳудудий аэропортлар давлат-хусусий шериклик асосида ташқи бошқарувга берилади.

Бундан ташқари, аҳоли пунктлари ўртасидаги, айниқса, қишлоқларни туманлар марказлари билан боғлайдиган узлуксиз автобус қатновлари хусусий секторни жалб қилиш орқали кўпайтирилади. Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида ерусти метросининг 12 километрлик иккинчи босқичи фойдаланишга топширилади. Шу тариқа ерости ва ерусти метро линиялари яхлит тизим сифатида бир-бирига уланади.

Элсатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридан Фарғона водийсига қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилгани ҳамда Tошкентдан Самарқандга «Afrosiyob» поездининг қўшимча қатнови йўлга қўйилиши ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар