Ҳиндистонда 6 киши «британча» коронавирусга чалинди

Ҳиндистонда 6 нафар фуқаро янги турдаги коронавирусга чалинди. Бу ҳақда 29 декабрь, сешанба куни «Outlook India» хабар берди.

Фото: «wam.ae»

Таъкидланишича, вируснинг янги турини юқтирган уч киши Бангалорда, иккитаси Ҳайдарободда ва бир киши Пун ҳудудларида яшайди. Барча юқтирганлар яқинда Буюк Британиядан қайтиб келган. «Буюк Британиядан қайтиб келган олти кишида вируснинг янги, ‘инглизча’ варианти ижобий натижа кўрсатди», дейилади хабарда.

Шунингдек, 2020 йил 25 ноябрдан 23 декабргача бўлган даврда Буюк Британиядан Ҳиндистондаги турли хил аэропортларга 33 мингга яқин йўловчилар келганлиги хабар қилинган. Коронавирус учун намуналар олинганда улардан 114 таси ижобий деб топилган.

Маълумот учун, 29 декабрь ҳолатига кўра, Ҳиндистонда коронавирус юқтирганлар жами 10 224 797 кишини ташкил этмоқда. Бу билан мамлакат дунё бўйича энг кўп вирус қайд этилганлар орасида АҚШдан кейин 2-ўринда бормоқда. Ҳозиргача Ҳиндистонда 148 190 киши COVID-19 қурбони бўлган. 9 807 569 киши вирусдан тузалган, 269 038 касаллик билан курашмоқда.

Коронавируснинг янги тури илк марта Буюк Британияда аниқланган. Унга маҳаллий аҳоли COVID-21 деб ном берган. Шунингдек,  SARS-CoV-2 штамми Голландия, Дания ва Австралиядаги беморларда топилган. ЖССТнинг таъкидлашича, мутация кўпроқ юқумли касалликларга олиб келган бўлса-да, вирус ҳали хавфли даражадаги ҳолатларни келтириб чиқармаган. Шу билан бирга, ҳозирча янги штамм мавжуд эмлашлар билан қандай таъсирга киришишига оид илмий далиллар мавжуд эмас.

Аввалроқ Осиё мамлакатларига ҳам коронавируснинг янги тури кириб келгани ҳақида маълумот берилган эди. Шунингдек, Африканинг яна бир мамлакати — Нигерияда коронавируснинг янги тури аниқланган.