Ўзбекистонда табиатга зарар етказганлик ҳақида хабар берганларга мукофот пули берилади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан бошлаб экологияга зарар етказганлик акс этган тасвирларга ундирилган жарима миқдорининг 15 фоизи пул мукофоти осифатида берилади. Бу ҳақда «Huquqiy axborot» Telegram канали хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, аҳоли томонидан Давлат экология қўмитасининг интернетдаги махсус ахборот тизимига юборилган экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Шунингдек, 1 январдан ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари дастлаб нархларни тартибга солиш органлари хулосалари олиниб, кейинчалик тегишлигича маҳаллий Кенгашлар қарорлари билан маъқулланганидан сўнг тасдиқланади.

Хабарда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерларига хизмат кўрсатиш учун бириктириб берилган ҳудудларда иккиламчи хом ашёни (металл парчалари ва чиқиндиларини сотиб олишдан ташқари) қабул қилиш шохобчалари орқали тайёрлаш мазкур кластерлар томонидан амалга оширилилиши ҳам айтиб ўтилган.

Таъкидланишича, иккиламчи хом ашёни маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотларнинг розилигисиз ажратиб олиш ва ўзлаштириш тақиқланади. Қурилиш ишларида ҳосил бўладиган чиқиндилар биринчи навбатда такрорий фойдаланиш, қайта ишлашга ёки утилизация қилишга йўналтирилади.

Бундан ташқари, хонадонлар сони 300 тадан ортиқ бўлган кўп қаватли уй-жойлар маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчалари билан таъминланмаган бўлса, фойдаланишга қабул қилишга рухсат берилмайди.

Аввлроқ Ўзбекистонда белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаганлик учун жарималар оширилиши ва Ўзбекистонда ўтган 11 ойда табиатга етказилган зарар миқдори ҳақида хабар берилган эди.