Нукусда портлаган уй вайроналаридан 5 кишининг жасади топилди

29 январь куни соат 16:15 ларда Нукус шаҳри «Темир жол» маҳалласидаги 4 қаватли уйнинг тўртинчи қаватида жойлашган хонадонларнинг бирида газ портлаган эди. Уй вайроналари остидан 5 кишининг жасади топилди.

Хабар қилинишича, олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида 30 январь куни соат 02:30 ларда турли даражадаги жароҳатлар билан вайроналар остида қолиб кетган 5 ёшли қизалоқ чиқариб олиниб, шифохонага юборилган.

Шунингдек, орадан 30 дақиқа ўтиб, бино вайроналари орасидан бир нафар фуқаронинг жасади топилган. Қутқарувчилар эрта тонгга келиб, вайроналар остидан яна 4 нафар фуқаронинг жасадини топган. Ҳозирга қадар жами ҳалок бўлганлар сони 5 нафарга етди.

Воқеа жойида Фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Янгиликлар