Нукусда газ портлаган уй вайроналари остидан 5 ёшли қизча ва бир кишининг жасади топилди

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида газ портлаганди. Фақулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасида қўшимча маълумот берди. Воқеа юзасидан Тезкор штаб тузилиб, бахтсиз ходиса содир бўлган уйда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган. Жумладан, ушбу уйда яшовчи фуқаролар хатловдан ўтказилиб, ўпирилган том ва пол қисмлари тагида фуқаролар бор-йўқлигига аниқлик киритиш бўйича чоралар кўрилган.

Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида вайроналар остида қолиб кетган 5 ёшли қизалоқ турли даражадаги жароҳатлар билан қутқарувчилар томонидан чиқариб олиниб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган.

Шунингдек, бино конструкциялари орасидан қидирув-қутқарув ишлари олиб бориш жараёнида бир нафар фуқаронинг жасади топилган.

«Айни вақтда бинонинг конструкцияларини тозалаш ишлари давом этдирилмоқда. Воқеа юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, мазкур уйда яшаб келаётган қолган фуқаролар эвакуация қилиниб, вактинчалик уй-жой ва уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар