Қорақалпоғистондаги ҳар бир маҳаллага қўшимча 500 млн сўмдан ажратилади

30 март куни ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонга келган Шавкат Мирзиёев аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган 3 та янги ташаббусни илгари сурди.

Қад этилишича, Кегейли туманида Қорақалпоғистон саноатини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтган.

Унда билдирилган ташаббусларнинг биринчиси доирасида Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилади.

Бунинг учун алоҳида Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, унга 2023 йилда 250 миллиард сўм ажратилади.

«Наврўз байрами ва Маҳалла куни арафасида маҳалла раислари, имомларни рағбатлантирдик. Қорақалпоғистонда азал-азалдан ўзига хос тизим — кўча-бийлар бор. Одамларимизнинг ҳаётини яхшилашга ҳисса қўшаётган бундай жонкуяр инсонлар меҳнатини ҳам муносиб рағбатлантириш керак, деб ўйлайман», — деди давлат раҳбари.

Иккинчи ташаббус. Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 47 минг уй-жой ва кўчмас мулкларнинг кадастри йўқ. Таъкидланишича, бу одамларнинг ипотека олиш, томорқасида деҳқончиликка кредит, субсидия олиш, яшаётган бошпанасини фарзандларига мерос қолдириш имкониятини чекламоқда. Шу сабабли кейинги икки ойда 38 минг одамнинг кадастри тўлиқ қилиб берилади.

Учинчи ташаббус. Бугун Қорақалпоғистонда йилига 6,5−7 мингта уй-жойга талаб бор. Шу боис 2023 йилда ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп ёки 4 мингта уй-жой қурилади.

«Бунга қўшимча қилиб, фақат Қорақалпоғистон аҳолиси учун янги имконият яратамиз. Яъни замонавий лойиҳа асосида 4 минг якка тартибдаги уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилади. Инфратузилмасини ҳам қилиб берамиз. Бундай имкониятни бошқа ҳудудларимизга бермаганмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Янгиликлар