Ўзбекистонда юқори аномал иссиқ қайд этилди

Навоий вилоятида 29 июнь куни  ҳаво ҳарорати 47,1 даражагача кўтарилди. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази мутахассиси Эркин Абдулахатов маълум қилган.

Маълумотларга кўра, «Машиқудуқ» метеорология станциясида соат 13:20 да ҳаво ҳарорати 47,1 даражага етган.

Қашқадарё вилоятидаги «Муборак» об-ҳаво станциясида маҳаллий вақт билан соат 16:20 да ҳаво ҳарорати +45,9 даражага етган. «Қарши» метеорология станциясида ҳаво ҳарорати +43,4 ни ташкил қилган.

Бухоро вилоятидаги «Ўгитма» об-ҳаво станциясида соат 16:00 да +46,6 даража, Сирдарёдаги «Оқолтин» агрометеорология постида эса +46 даража иссиқ қайд этилган.

Айтиш жоизки, Ўзбекистонда метеорологик кузатишлар давомида энг юқори ҳарорат (48-49 даража) Қизилқум чўлида (1983 йил июль) ва Термиз шаҳри ҳудудида (1914 йил июнь-июль) қайд этилган.

Тошкентда максимал +44,6 даража иссиқ 1997 йил 18 июлда қайд этилган.

Янгиликлар