Тўрақўрғонда 2,5 трлн сўмдан ортиқ лойиҳа амалга оширилиши натижасида қарийб 4 мингта иш ўрни яратилади
Вазирлар Маҳкамаси 28 август куни «Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманини 2020—2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш юзасидан қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.
Қарор билан Тўрақўрғон туманини 2020—2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Дастурга мувофиқ, белгиланган йилларда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича жами 2 триллион 637 миллиард 177 миллион сўм қийматга эга лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 3854 иш ўрни яратилиши назарда тутилган.
Шунингдек, туманда 2174 нафар ишсизни касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш белгиланган.
Қарорга мувофиқ, туманда халқ бадиий ва амалий санъатни ривожлантириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка кенг жалб қилиш мақсадида «Ҳунармандчилик маркази» ташкил этилади.
Хабарда тумандаги узумчиликка ихтисослашган 120 гектар ер майдонида беш йиллик дастур асосида эскирган токзорларни сермаҳсул ва экспортбоп узум навларига янгилаш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилиши маълум қилинган.
Аввалроқ Жомбойда 10 мингга яқин камбағал оила аъзолари иш билан таъминлангани хабар қилинган эди.