Бўстонда ўқувчилар «Президент совғаси»ни олмагани айтилган хабар юзасидан ўрганиш олиб борилди

Андижон вилояти Бўстон туманида ўқувчилар «Президент совғаси»ни олмагани айтилган хабар юзасидан ўрганиш олиб борди. Бу ҳақда туман халқ таълими бўлими матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда «ХТБнинг эътиборсизлиги сабаб фарзандларимиз ҳалигача ‘Президент совғаси’ олмади» сарлавҳали хабар тарқалган. Ушбу хабар юзасидан 29 сентябрь куни Бўстон туман халқ таълими бўлимининг ишчи гуруҳи тузилиб, мазкур ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилган.

«Ўрганиш жараёнида 2020/2021 ўқув йили учун 1355 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилинган. «Президент совғалари»нинг айрим турлари пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда хорижий давлатларда ишлаб чиқарилиши ва босқичма-босқич мамлакатимизга етказиб берилиши муносабати билан 2020 йил 29 сентябр холатига ўқувчиларнинг 905 нафарига 10 турдаги ‘Президент совғалари’ тўлиқ етказиб берилди. 450 нафар 1-синф ўқувчиларига ‘Президент совғалари’ 2020 йилнинг
1 октябрига қадар етказиб берилиши режалаштирилган», — дейилади Бўстон тумани халқ таълими бўлими матбуот хизмати хабарида.

Ўрганиш якунланганидан сўнг қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1-синф ўқувчиларига 14 сентябрь куни Президент совғаси топширилгани, Бухорода 1-синф ўқувчиларининг барчасига Президент совғаси босқичма-босқич етказиб берилиши ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар