Бухорода қидирувда бўлган ғиждувонлик шахс Украинада қўлга олинди
Бухоро шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан қидирув эълон қилинган шахс Украинанинг Киев шаҳри ҳудудида аниқланиб, унга нисбатан юритилган қидирув бекор қилинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, мазкур шахс Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этиб, терговдан яшириниб юрган. Маълум қилинишича, унга нисбатан 18 август куни қидирув эълон қилинган.
Хабарда айтилишича, мазкур шахсга нисбатан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан қидирув эълон қилинганди. Шунингдек, қайд этилишича мазкур шахс Ғиждувон тумани «Буктарой» маҳалласида доимий рўйхатда туради.
Аввалроқ терговдан яширинган наманганлик шахс Андижонда қўлга олингани, Олтиариқда фирибгарлик содир этиб, қидирувда бўлган ва Қоракўлда жиноят содир этиб, терговдан яширинган шахс Қашқадарёда қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.