Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қандай ҳуқуқлар берилиши мумкинлиги маълум бўлди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида 29 cентябрь куни «Kоррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, қонун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти, вазифалари ва асосий йўналишларини тартибга солади. Шунингдек, қонун билан агентликнинг мақоми ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилади.

Мазкур қонунда бегиланишича, агентлик коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантирадиган ва амалга оширадиган, шунингдек мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органидир. Шунингдек, ушбу қонунда белгиланган агентликнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш;
  • мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳаларни аниқлаш ва уларда коррупцияга қарши тизимларнинг жорий этилишини кузатиб бориш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш;
  • коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ва халқаро обрўсига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилиш;
  • коррупцияга оид жиноятлар оқибатида жамият ва давлат манфаатларига етказилган зарар тўлиқ қопланилишига эришиш устидан назоратни амалга ошириш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тизими самарадорлигини таҳлил қилиш ва уни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;
  • фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузиш;
  • давлат харидлари соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида давлат буюртмачиси ISO 37001 коррупцияга қарши стандартини қўллашни кўзда тутувчи талабларни ўрнатиш;
  • жойларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этиш.

Шу билан бирга агентлик ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан қатъи назар, фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга ошириши белгиланмоқда. Қонун билан агентлик фаолиятига давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади.

Унда белгиланишича, агентликнинг мансабдор шахслари Президент томонидан тайинланади ва озод этилади. Шунингдек, қонунга кўра агентлик фақат Президентга бўйсунади ва ўз фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор.

Мавзуга доир: Адлия вазирлигига коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро стандарт сертификати берилди

Аввалроқ Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш учун 5 йиллик стратегия ишлаб чиқилиши хабар берилган эди.

Янгиликлар