Шофирконда 29 нафар фуқаро «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди (фото)

Бухоро вилояти Шофиркон туманида 29 нафар фуқаро «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Шофиркон туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, тақдирлаш маросимини туман ҳокими Шукурулла Ҳакимов кириш сўзи билан очиб, мазкур мукофотга лойиқ кўрилган фуқароларни самимий қутлаган. Шундан сўнг туман раҳбари кўкрак нишонига сазовор бўлганларга мукофотни тантанали тарзда бирма-бир топширган. 29 нафар шофирконлик Ш. Ҳакимовдан «Меҳр-саховат» кўкрак нишонини қабул қилиб олди.

Фото: Шофиркон туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан фаолияти билан касбдошларига намуна кўрсатган ва қатор ютуқларга сазовор бўлган 34 нафар халқ таълими соҳаси ходими  ҳамда 10 нафар туман Мактабгача таълим бўлими ходимлари қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотланган.

Фото: Шофиркон туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Шунингдек, тадбирда 2-сектор раҳбари, туман прокурори Жасур Тангриев, туман ХТБ мудири вазифасини бажарувчи Руслан Aтоев, 42-ҳамда 52-умумтаълим мактабларининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари Хуршида Саидова ва Назокат Султоновалар, давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда ўқитишнинг муқобил шаклларини ташкил этиш шўбаси мудири Дилноза Ҳакимова ҳам сўз олиб, мукофотга лойиқ кўрилганларни қутлаган.

Фото: Шофиркон туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Мавзуга доир: Бухорода бир қатор тиббиёт ходимлари ва тадбиркорлар «Меҳр-саҳоват» кўкрак нишони билан тақдирланди

Аввалроқ Самарқанд туманида 22 нафар фуқаро, Самарқанд шаҳрида 43 нафар тадбиркор «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирлангани хабар қилинган эди.