ДТМ тест синовлари харидлари учун сарфланган харажат юзасидан баёнот берди

Давлат тест маркази сентябрь ойида тест синовларини ўтказишда абитуриентларга тарқатиш учун 13,4 миллиард сўмлик кепка, қўлқоп, маска, сув ва ручка харид қилгани ҳақдаги маълумот 29 октябрь куни эълон қилинди. ДТМ мазкур маълумот юзасидан баёнот берди.

Фото: Жамшидбек Одилов

Мазкур баёнотга асосан «Boburxon bn Nodirxon» корхонаси билан дастлаб тузилган шартномага биноан корхона 1 миллион дона бош кийим (кепка)ни 6 174 сўмдан 6 миллиард 174 миллион сўмга, 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи билан бирга 7 миллиард 100 миллион 100 минг сўмга етказиб бериши керак бўлган.

Хабарда айтилишича, корхона белгиланган миқдорда бош кийимларни етказиб бера олмагани учун дастлабки шартнома бекор қилиниб, қўшимча келишув имзоланган ва 6174 сўмдан жами 69 минг 506 дона бош кийимни 429 миллион 130 минг 44 сўмга, 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи билан бирга 493 миллион 499 минг 550,6 сўмга етказиб берган. Шунингдек, мазкур корхона бош кийимларни етказиб бера олмагани учун бошқа корхоналар билан ҳам бош кийим етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган.

ДТМ берган баёнотга кўра, гуруҳ назоратчилари ҳамда ушбу жараёнга жалб этиладиган ходимлар эрталаб 06:00 дан кечки 20:00 қадар 15 соат давомида тест синовлари ўтказиладиган ҳудудда бўлгани сабабли уларни сифатли тушлик билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда турли корхоналар билан шартномалар имзоланган.

Бунда энг қиммат шартнома Тошкент шаҳри учун бўлиб, 13 кунга 12 минг 610 дона тушлик (бир марталик идиш, овқат, салат, нон, сув, булочка) нинг ҳар бирига 31 минг сўмдан (етказиб бериш билан бирга) жами 390 миллион 910 минг сўмга имзоланган. Ундан кейинги энг қиммат шартнома Самарқанд вилоятида имзоланган бўлиб, бунда 12 кунга 5467 дона тушликнинг ҳар бирига 25 минг сўмдан жами 136 миллион 675 минг сўмлик шартнома имзоланган.

Аввалроқ абитуриентларга кириш имтиҳонларига бош кийим билан келишга рухсат берилгани ҳамда ДТМ кириш имтиҳонлари юзасидан расмий баёнот бергани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар