Ўзбекистонда айрим транспорт воситаларидан 2022 йил охирига қадар утилизация йиғими ундирилмайди
Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус пандемияси даврида ташқи иқтисодий фаолият, туризм ва қурилиш соҳаларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори 29 октябрь куни қабул қилинди. Унга кўра, айрим транспорт воситаларидан 2022 йил охирига қадар утилизация йиғими ундирилмайди.
Қарорга асосан, 2022 йил 31 декабргача қуйидагиларга утилизация йиғимининг нол ставкаси қўлланилади:
- юк ташиш учун мўлжалланган шатакчи автомобиллар (ТИФ ТН коди 8701 20, ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошганлари бундан мустасно), шунингдек, тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошганлари бундан мустасно);
- юк ташиш учун мўлжалланган янги транспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8704 22, 8704 23) ҳамда махсус мўлжалланган янги транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8705 10, 8705 40, 8705 90);
- ҳайдовчи билан бирга 10 ва ундан ортиқ йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8702, ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошганлари бундан мустасно).
Шунингдек, қарор билан эндиликда давлатлараро, ҳукуматлараро, халқаро ташкилотлар йўналишлари бўйича хайрия ёрдами мақсадларида олиб кириладиган транспорт воситаларига ҳам утилизасия йиғими ундирилмайди.
Маълумот учун, экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида утилизация йиғими тўланади. Шунингдек, Ҳукуматнинг тегишли қарори билан 2020 йилнинг 1 августидан транспорт воситасининг тури, тоифаси, ишлаб чиқариш муддатидан келиб чиқиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 30 бараваридан 1500 бараваригача утилизация йиғими ундирилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода транспорт воситасини онлайн тарзда жарима майдонидан олиб чиқиш мумкинлиги ҳамда Ўзбекистонда автомобилнинг орқа ён ойнасини «тонировка» қилиш нархи арзонлаштирилгани ҳақда хабар қилинганди.