Энергетика вазири Ангренда юриб кетаётган поезддан кўмир ўғирламоқчи бўлган шахслар ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Энергетика вазири Алишер Султонов 21 ноябрь куни «Alter Ego» YouTube каналига берган интервьюсида Ангренда юриб кетаётган поезддан кўмир ўғирламоқчи бўлган шахслар ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Ангрен туманида 17 ноябрь куни беш нафар номаълум шахс юриб кетаётган поезддан кўмир ўғирламоқчи бўлгани ҳақида хабар тарқалган эди. Унга кўра, усти ярим очиқ 50 та вагондан иборат поезд Ангрен—Оҳангарон йўналиши бўйлаб ҳаракатланган. Кўмир маҳсулотлари ортилган 4 та вагон Олмалиқ кон металлургия комбинатининг Ангрен шаҳридаги филиалида узиб қолинган.

Алишер Султоновнинг сўзларига кўра, одамлар қарамликка ўрганиб қолган. Аҳоли сўнгги йиллар давомида ноқонуний равишда газ ҳамда электр энергия тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган. Бу аҳолини бир қобиққа тушиб қолгани ҳамда ундан чиқа олмаганидан далолат беради.

«Бу — шунчаки узоқ йиллар давомида шаклланиб келган бир тизим. Биз одамларни қарамликка ўргатиб қўйганмиз. Бу эса ҳозирда биз учун катта хатарга айланган.

Одамлар ҳамма нарсани оддий деб билишади ва ҳамма ресурслар уларга осон тарзда келиб қолишига ишонишади. Лекин кечириб қўясиз, сиз минг оч бўлган тақдирингиз ҳам пулингиз бўлмаса бозордан ҳеч нарса сотиб ололмайсиз. Сиз нонни бозордан ўғирлаб кетолмайсиз» — дейди Энергетика вазири.

Аввалроқ Шаҳрихонда аҳолига бериладиган салкам 25 тонна кўмирни сотиб юборган мансабдорларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қўрғонтепада салкам 11 тонна кўмир ўғирлаган 3 нафар эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган.