Aнгренда беш киши юриб кетаётган поезддан кўмир ўғирламоқчи бўлди

Тошкент вилояти Aнгрент туманида 17 ноябрь, сешанба куни беш нафар номаълум шахс юриб кетаётган поезддан кўмир ўғирламоқчи бўлди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темирйўллари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ матбуот хизмати

Маълум қилинишича, усти ярим очиқ 50 та вагондан иборат поезд Aнгрен—Оҳангарон йўналиши бўйлаб ҳаракатланган. Кўмир маҳсулотлари ортилган 4 та вагон Олмалиқ кон металлургия комбинатининг Aнгрен шаҳридаги филиалида узиб қолинган.

Ушбу вагонлар тепловозга уланиб, белгиланган манзилга олиб ўтиш вақтида 5 нафар номаълум шахс кўмир маҳсулотини талон-торож қилиш мақсадида вагонга осилган. Бу ҳолатни кўрган Оҳангарон ўқчилик командаси ўқчиси зудлик билан тепловозни тўхтатиб, уларни ушлашга ҳаракат қилган. Бироқ улар ҳар томонга қочиб кетган.

«Ҳозирда мазкур номаълум шахсларни аниқлаш, келгусида уларнинг ушбу ноқонуний ҳаракатига қонуний баҳо бериш юзасидан тезкор-суриштирув тадбирлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Aввалроқ Олтиариқда салкам 16,5 миллион сўмлик кўмир сотиб олиб, пулини бермаган эркакка жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Попда 650 килограммга яқин кўмир ўғирлаганлар қўлга олингани хабар қилинган.

Янгиликлар